Қирғизистон Олий Суди Ахси воқеаси бўйича очилган жиноят ишини қайта кўриб чиқа бошлади.

2002 йил мартда парламент депутати Азимбек Бекназаровнинг қамоққа олинишига норозилик билдириб, бир неча минг киши намойишга чиққан ва уларга милиция томонидан ўқ отилган эди.

Ахси воқеаси юзасидан беш собиқ амалдор устидан жиноят иши очилган. Ўша пайтда бош вазир лавозимида бўлган амалдаги президент Қурманбек Бақиев намойишчиларга ўқ отиш тўғрисидаги қарорни имзолагани ҳақида ҳам тахминлар бор. Бироқ президент бу айбловларни рад этмоқда.

“Ахси воқеаси бўйича сўнгги нуқтани қўйишдан кўпроқ Қ.Бақиев манфаатдор бўлиши лозим. Чунки у шу йўл билангина ўзининг айбсизлигини исботлай олади. Акс ҳолда Ахсида жиноят содир этган давлат амалдорлари жазоланмай қолаверади”, - деди Ахси воқеаларини ўрганиш комиссияси аъзоси Азиза Абдурасулова.

2002 йилги Ахси воқеасида олти одам ҳалок бўлган ва юзга яқин фуқаро жароҳат олган эди.