“Ал-Қоида”га қарши кенг қамровли амалиёт бошланди

АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондонлиги Бағдод шимолида “Ал-Қоида” жангариларига қарши кенг қамровли ҳарбий амалиётлар бошланганини маълум қилди.

Хабарларга кўра, унда ўн мингга яқин америкалик ва ироқлик ҳарбий иштирок этмоқда. Амалиётнинг дастлабки соатларида 20дан ортиқ жангари йўқ қилинган.

Ҳарбийлар амалиёти эълон қилингандан сўнг Бағдод марказида қўпорувчилик ҳаракати амалга оширилди. Машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида 75 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди.

Носирия шаҳрида эса радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрга содиқ жангарилар ва Ироқ полицияси ўртасидаги тўқнашувларда 30дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди.

Ироқ шимолида ҳам номаълум шахсларнинг курд ҳарбийлари кетаётган машинага ҳужум қилиши натижасида беш ҳарбий қурбон бўлди.

Шунингдек, АҚШ қўшинлари душанба куни Бағдодда америкалик бир аскар ҳалок бўлганини эълон қилди.