Интерполнинг Тожикистон бўлими ходимлари қамалди

Сўғд вилоятида Интерполнинг Тожикистондаги бўлими ходимлари устидан бошланган суд жараёни поёнига етди.

Сўғд вилояти суди вакиласи Мавлуда Қаландарованинг “Озодлик” радиосига айтишича, Интерполнинг Тожикистон Ички ишлар вазирлиги таркибида бўлган маҳаллий бўлими ходимлари Файзулло Солиҳов ва Шаҳобиддин Аҳмедов товламачилик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш айблари билан 6,5 ҳамда 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

“Интерпол ходимлари Ф.Солиҳов ва Ш.Аҳмедов Саидаҳмад исмли фуқародан тилла тақинчоқ ва минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда прокуратура ходимлари томонидан ушланган. Суд мажлисида улар айбларига қисман иқрор бўлди”,- деди М.Қаландарова.

Вилоят прокуратураси берган расмий маълумотга кўра, ўтган икки йил давомида Сўғдда коррупция билан боғлиқ 500дан ортиқ қонунбузарлик содир этилган.