Ливан шимолида ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасида яна тўқнашувлар рўй берди.

Хабарларга кўра, ҳукумат кучлари исломий жангарилар беркинган хонадонларга ҳужум қилгани оқибатида етти жангари ва бир ҳарбий ҳалок бўлган. Шунингдек, тўқнашувлар чоғида 12 ҳарбий жароҳатланган.

“Ал-Қоида” ҳаракатига алоқаси борлиги айтилаётган “Фатҳ ал Ислом” гуруҳи жангарилари ва Ливан ҳукумати кучлари ўртасидаги тўқнашувлар 20 майдан бери давом этмоқда. Бу жангларда камида 180 киши ҳалок бўлди.