“Аксилдемократик” қонун тақдирини ҳал этиш кечиктирилди

Арманистон парламенти мамлакатда хорижий эшиттиришларни чеклашга қаратилган қонун лойиҳасининг иккинчи ва сўнгги босқичини муҳокама этди.

Депутатлар душанба куни мазкур қонунни овоз бериш орқали тасдиқлаши керак эди. Бироқ бу жараён паламентнинг сешанба кунги мажлисига қолдирилди.

Кўпчиликнинг таъкидлашича, бу қонун хорижий ахборот воситалари, хусусан, “Озод Европа/Озодлик” радиосининг арман бўлими эшиттиришларини чеклашга қаратилган.

Парламент биноси олдида қонун қабул қилинишига қарши норозилик намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Арманистон парламенти хориж эшиттиришларини чеклаш ҳақидаги қонун лойиҳасини 29 июнь куни қабул қилган эди. Бу қонунда арман тилида эфирга чиқаётган бир нечта хорижий радиоларга Арманистонда тўлқин бермаслик белгиланган. Хорижда тайёрланган радиолавҳаларни Арманистонда қайта эфирга узатган радиостанцияларга катта жарима солиниши ҳам назарда тутилган.

Бу қонун ЕХҲТ, халқаро ташкилотлар ва Арманистон мухолифати томонидан кескин танқид қилинмоқда.

“Озод Европа/Озодлик” радиоси президенти Жеф Гедмин ҳам хорижий эшиттиришларни чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилган Арманистон парламентини кескин танқид қилди.