Ҳушёр Зебарий фуқаролар уруши хавфидан огоҳлантирди

Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий АҚШ ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқа бошласа, бутун минтақага ёйилиб кетувчи фуқаролар уруши хавфи борлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Айни пайтда АҚШ Конгрессида мамлакат ҳарбийларининг Ироқдан чиқарилишини талаб қилувчи чақириқлар борган сари кўпаймоқда. Президент Жорж Бушнинг Республикачилар партияси вакиллари ҳам бу чақириққа қўшилаётир.

Оқ уй матбуот котиби Тони Сноу АҚШ қўшинларини муддатдан олдин Ироқдан олиб чиқиш Вашингтон манфаатларига зид эканини таъкидлади.

“Ҳарбий қўмондонлар тавсияларига эмас, балки сиёсий қарашларга асосланган ҳолда қўшинларимизнинг муддатдан аввал олиб чиқилиши миллий манфаатларимизга хизмат қилмайди. Бундай қадам Америка душманларига ғалаба келтириб, мамлакатимиз хавфсизлигини таҳдид остига қўяди. Албатта, биз бундай бўлишига йўл қўймаймиз”, - деди Тони Сноу.