Исроил Фаластин озодлиги демократик фронти раҳбари Наиф Хаватмага Рамаллоҳ шаҳрига келишга рухсат берди.

Дамашқда яшаётган Наиф Хаватма сўнгги 40 йил ичида илк бор Фаластин ҳудудига келмоқда. У “Фатҳ” ҳаракати йиғилишида иштирок этади. Бу йиғилишни эса Фаластин мухторияти етакчиси Маҳмуд Аббос уюштирди.

Исроил ҳукумати ўз вақтида Наиф Хаватмани террорчилик фаолиятида айблаган. Унинг мухториятга келишига рухсат бериб, Исроил раҳбарияти Маҳмуд Аббоснинг “Ҳамас”га қарши хатти-ҳаракатини қувватлашини яна бир карра намойиш қилмоқда.