Афғонистон ҳукумати гаровга олинган икки немис фуқароси қатл этилгани ҳақидаги иддаони рад этди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Султон Аҳмад Баҳин гаровга олинганларнинг бири юрак хуружидан вафот этгани, иккинчиси ҳамон тирик эканини маълум қилди.

Сал аввал “Толибон” ҳаракати матбуот котиби қори Муҳаммад Юсуф Аҳмадий гаровдаги немислар Германия ҳукумати ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ҳақидаги талабни бажармагани учун қатл этилганини билдирган эди.

Шунинглек, толиблар Жанубий Кореянинг гаровга олинган камида 18 фуқаросини бирма-бир ўлдириш билан ҳам таҳдид қилмоқда. Насроний евангелия ташкилоти вакиллари бўлган кореяликлар 19 июль куни ўғирлаб кетилганди.

Жанубий Корея ҳукумати ўз фуқароларининг озод этилиши учун толиблар билан музокара бошлашга тайёрлигини билдирди. Аввалроқ Корея томони жорий йил охиригача Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиши ҳақида эълон қилган эди.