Афғонистон ҳукумати гаровдаги корейсларни озод этиш учун оқсоқоллардан ёрдам сўрамоқда.

Афғонистон ҳукуматига қарашли гуруҳ вакиллари Жанубий Кореянинг 23 фуқароси ўғирлаб кетилган минтақага бориб, гаровдагиларни озод этиш учун маҳаллий оқсоқоллардан жангарилар билан музокараларда воситачилик қилишни сўраган.

Бу ҳақда Ғазна вилояти ҳокими Мирожуддин Паттан маълум қилди.

“Франс пресс” ахборот агентлиги “Толибон” ҳаракати матбуот вакили Юсуф Аҳмадийга таяниб хабар қилишича, айни пайтда гаровгирлар ва ҳукумат вакиллари ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Якшанба куни эрталаб ўз фуқароларини озод этиш мақсадида Афғонистонга Жанубий Кореянинг юқори мартабали делегацияси ҳам етиб келди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги вакили генерал Муҳаммад Азимийнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Афғонистон ва коалиция кучлари кореяликларни озод этиш амалиётини бошлашга шай турибди. Минтақа қуршовга олиниб, йўллар тўсилган.

Толибон жангарилари Жанубий Корея ҳукумати Афғонистондаги қўшинини ва муҳандисларини якшанба пешинга қадар олиб чиқишни бошламаса, гаровга олинганларни бирма-бир ўлдириш билан таҳдид қилган эди.