Сеул расмийлари “Толибон” Жанубий Корея фуқаросини қатл этгани учун жавобгар эканини таъкидлади.

Жанубий Кореянинг хавфсизлик масалалари бўйича расмий вакили Кобулда Афғонистон расмийлари билан жангарилар қўлида қолаётган корейсларни озод қилиш масаласини муҳокама этди.

Жанубий Корея ҳукумати ўз фақаросининг ўлдирилишини “кечириб бўлмас ваҳшийлик”, деб баҳолади.

Гаровда қолаётган кореяликларнинг яқинлари “Толибон” жангариларига мурожаат этиб, гаровдагиларни озод қилишга чақирди.

“Мен “Толибон” жангариларига, илтимос, оилаларимиз кечираётган дардни тушунинглар, дея мурожаат этаман. Сизларнинг ҳам оилаларингиз бор. Менимча, оилага бўлган муҳаббат на чегара, на дин, на миллат танлайди. Ўтиниб сўрайман, уларнинг бағримизга қайтиб келишига ёрдам беринглар”, - деди гаровда қолаётган корейслардан бирининг онаси.

Афғонистон расмийлари маҳаллий оқсоқоллар ёрдамида Жанубий Корея фуқароларини гаровда ушлаб турган жангарилар билан телефон орқали музокаралар ўтказаётганини маълум қилди.

“Толибон” вакили эса Жанубий Кореянинг гаровда қолаётган 22 фуқароси эсон-омон эканини билдирди.