Грециянинг тобора ёнғин домига тортилаётган Пелопоннес ярим оролига халқаро ёрдам кучлари етиб кела бошлади.

Ёнғин камида 53 одамни ҳаётдан олиб кетди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Греция бош вазири Костас Караманлис ёнғиннинг уюштирилгани тахмин қилинаётганини айтар экан, “бир вақтнинг ўзида бунча кўп ёнғин чиқиши шунчаки тасодиф эмас”лигини таъкидлади. Ғарб оммавий ахборот воситаларида ёнғин чиқаришда гумонланиб 65 ёшли эркак қўлга олингани хабар қилинмоқда.

Ҳозирга келиб ёнғин оқибатида минглаб одам уйини тарк этди, юзлаб турар-жой бинолари ва бошқа иншоотларга шикаст етди. Греция бўйлаб 190дан ортиқ ёнғин ўчоғи аниқланган. Айни вақтда ёнғин мамлакат пойтахти Афина шаҳри томон яқинлашиб бормоқда. Шаҳардаги асосий тарихий обида – Акрополга эса шамол учираётган ёнғин кули етиб кела бошлади.