Санобар Шерматова: “Каримов курсини ҳали бери бўшатмоқчи эмас”

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Мустақиллик байрами кунларида сўзлаган 30 дақиқалик нутқи мамлакат ташқарисида турли-туман фикрлар урчиши учун туртки бўлди.
“Бу ваколат муддати тугаб, чўлоқ ўрдак ҳолига тушган қари раҳбарнинг эмас, балки ўтирган курсисига яна маҳкамроқ ëпишиш ниятида бўлган шахснинг маърузаси бўлди”, - дейди москвалик сиëсатшунос Санобар Шерматова.

Унинг сўзларига кўра, бу нутқ лавозимдан кетаëтган ва ишларни ўз ворисига топшириш ниятида бўлган президентнинг эмас, амалида қолишни жуда истаëтган сиëсатчининг гапидир.

“Нутқдан хулоса шуки, Каримов курсини ҳали бери бўшатмоқчи эмас”, - дейди С.Шерматова.

“Мустақиллик йилларидаги салмоқли ютуқлар барчамизники ва уларни ҳеч ким биздан тортиб ололмайди”, - деган эди Ислом Каримов ўз нутқида.

“Бирлик” партияси раҳбарларидан бири Исмоил Дадажонов И.Каримов бу гаплари билан: “Мустақиллик пайтидаги энг катта ютуқ менинг 16 йил муттасил курсига ëпишганим бўлди ва бу курсини ҳеч ким тортиб ололмайди”, - демоқчи эканини таъкидлади ва аслида 16 йил давомида ўн минглаб бегуноҳ кишилар қамоқхоналарга тиқилгани, миллионлаб ўзбеклар эса қашшоқлик саҳросида саргардон эканини билдирди.

Ўзбекистон президенти ойлик ва нафақалар келгуси уч йилда икки ярим баробар ошишини ваъда қилди, лекин маҳсулот ва хизматлар нархи қанча ошиши ҳақида индамади.

“Бу итнинг бўйнидаги занжирини бир метрга узайтириб, олдидаги ялоқни икки метр нарига сургандай гап”, - дейди И.Дадажонов.

Санобар Шерматова эса пенсия ва ойликлар ошиши ҳақидаги гаплар чўпчакдан бошқа нарса эмаслигини айтади.

“Мен унинг нутқидаги ойликларни ошириш иддаосига ўта танқидий қарайман. Бу мутлақо ноилмий, ножиддий бир гап. Қанча оширмасин, барибир инфляция ҳаммасини еб ташлайди. Иқтисоднинг ўз қонунлари бор. Мамлакатда ишлаб чиқариш, ишчи ўринлари ва саноат юксалиши йўқ экан, ҳозирги таназзул ҳолати сақланиб қолаверади”, - деди С.Шерматова.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида “сиëсий ва иқтисодий ҳаëтни янада либераллаштириш, сиëсий партиялар ва нодавлат ташкилотларнинг қонуний ваколатларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак”лигини таъкидлади.

С.Шерматова Ўзбекистон президентининг демократик қадриятлар ҳақидаги бу гаплари ҳеч нарсани англатмаслигини, зеро, у илгари ҳам бу тахлит гапларни кўп гапирганини билдирди.

“Бу эртага “Эрк” ëки “Бирлик” Ўзбекистонда эркин фаолият юритади, дегани эмас. Бу менталитетдан келиб чиқадиган ғирт ëлғондир. Айни пайтда мамлакатда бошқа бир ëлғон ҳукм сурмоқда. Мамлакатда бешта партия бор, уларнинг фракциялари ҳам бор, деган ëлғон. Аммо аслида буларнинг ҳеч бири йўқ. Ўзбекистон ëпиқ давлат, ҳали бери унинг очилиши даргумон”, - деди москвалик сиёсатшунос.

Унинг таъкидлашича, И.Каримовнинг маърузасидан келиб чиқадиган ягона хулоса шуки, мамлакатда сайлов бўлади ва Каримов яна сайланади. Ўзбекистон бу борада қўшнилари Қозоғистон ва Туркманистондан ибрат олади. Қозоғистон ва Туркманистоннинг эски ва янги лидерлари Нурсултон Назарбоев ва Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳам муқобил сайловлар воситасида ҳокимиятга келди. Чўлоқ ўрдак ҳолига тушган И.Каримов ҳам ўз ваколатларини тиклаш ва машрўлаштириш учун сайловдан фойдаланади.

“Бунга Каримовнинг нутқида йўғонгина ишора бор”, - дейди Санобар Шерматова.