БМТ ҳисоботига кўра, Афғонистондаги худкуш ҳужумчилар Покистонда тайёрланган.

Ҳисоботда айтилишича, “Толибон” ҳаракати ҳужумларни уюштириш учун, асосан, афғон миллатига мансуб бўлмаган худкушлардан фойдаланган. Худкушларнинг 80 фоизидан зиёди эса қўшни Покистонда ёлланган ва ўша ерда тайёргарликдан ўтган.

Ҳисоботда ҳужумларнинг сони йил сайин ортиб бораётгани ҳам қайд этилган. 2005 йилда Афғонистон бўйлаб атиги 17 худкуш ҳужуми амалга оширилган бўлса, 2006 йилда уларнинг сони 123 тага етди. Жорий йилнинг ўзида эса худкуш томонидан амалга оширилган портлашлар сони юздан ошиб кетди.

Афғонистондан олинган бошқа хабарларга кўра, мамлакат жанубида халқаро кучлар ва “Толибон” жангарилари ўртасида содир бўлган тўқнашувда британиялик икки аскар ва 30дан зиёд жангари ўлдирилган.