Шу кунларда Афғонистон ичкарисида толиблар ўртасида қуролни топширмаслик устида жиддий баҳслар бормоқда.

Афғонистон президенти матбуот вакили Ҳумоюн Ҳомидзоданинг айтишича, бу маълумот толиблар макон тутган ҳудудлардаги қабила оқсоқолларидан олинган.

“Толиблар сафидаги турли қуролли гуруҳлар ўртасида уруш ҳаракатларини тўхтатиш ёки давом эттириш устида жиддий тортишувлар бормоқда. Бу вазиятда биз тинчлик ўрнатиш ва бунинг учун музокаралар бошлаш борасида кутилган натижага эриша олмаслигимиз мумкин. Аммо умид қиламизки, шу юртда тинчлик бўлишини истаганлар охир-оқибат тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига келиб қўшилади”, - деди Ҳ.Ҳомидзода.

Сал аввал толиблар матбуот вакили қори Юсуф Аҳмадий АҚШ ва НАТО қўшинлари мамлакатни тарк этмас экан, афғон ҳукумати билан музокара қилинмаслиги ҳақида баёнот берган эди.