АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петрэус Эронни Ироқда зўравонликларни қўзғаганликда яна бир бор айблади.

Унинг айтишича, ҳеч шубҳасиз, Эрон Ироқдаги жангариларга қурол-яроғ етказиб турибди, уларни ҳарбий тайёргарлик ва молия билан таъминлаб, баъзи ҳолларда муайян амалиётларни содир этиш учун йўриқномалар ҳам бериб туради.

Шунингдек, Бағдоддан олинган хабарларга кўра, шаҳарда содир бўлган бир неча портлаш оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган. Бағдод марказига ишчиларни олиб кетаётган микроавтобус йўлга қўйилган минага дуч келиб портлагани натижасида уч киши воқеа жойида ўлган. Шаҳар жанубида ҳам йўлга қўйилган мина портлаши 4 кишини ҳаётдан олиб кетган. Бағдоднинг тижорат марказида жойлашган Эрон элчихонаси яқинида содир бўлган машина портлашида 3 киши ҳалок бўлган.