Афғонистон шарқида АҚШ ҳарбийларининг махсус амалиётида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 16 жангариси йўқ қилинди.

Пактика вилояти полиция бошқармаси раҳбарининг билдиришича, амалиёт чоғида ҳибсга олинган жангари ҳалок бўлган сафдошларининг барчаси Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги ЎИҲ аъзолари эканини айтган. Ҳалок бўлган жангарилар орасида Т.Йўлдошнинг ўзи ҳам бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари мамлакатдаги бир нечта дала қўмондони, жумладан, Тоҳир Йўлдошни зарарсизлантиришга ёрдам берадиган маълумот учун 200 минг долларгача мукофот пули ваъда қилганди.

Шунингдек, Афғонистон жанубида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши натижасида НАТОнинг бир аскари ҳалок бўлгани, бири яралангани айтилмоқда. Ҳилманд вилоятида эса худкуш НАТО ҳарбийлари машиналар карвонига ҳужум қилган. Оқибатда тинч аҳоли вакилларидан икки киши жароҳатланган.