АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россия ва АҚШ ракета ҳужумидан мудофаа тизими борасида муросага эриша олмаганини билдирди.

К.Райс ва АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Москвада Россия президенти Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб, стратегик барқарорлик ҳамда Вашингтоннинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режасини муҳокама этди.

Сергей Лавровнинг айтишича, мудофаа тизими элементларини Марказий Европага жойлаштириш таҳдидини баҳолашда расмий Москва ва Вашингтон қарашлари ҳануз фарқ қилмоқда.

В.Путин АҚШ расмийлари билан учрашувда Россия “совуқ уруш” даврида қисқа ва ўрта масофада учадиган ракеталарни йўқ қилиш тўғрисида имзоланган келишувдан чиқиши мумкинлигини билдирди.