Мьянма ҳарбий режимига қарши янги жазо чоралари белгиланди

АҚШ президенти Жорж Буш Мьянма ҳарбий режимига қарши янги жазо чораларини эълон қилди.

Жорж Бушнинг айтишича, Мьянма раҳбарияти демократик жамоатчилик фаолларини таъқиб қилишни тўхтатиш тўғрисидаги халқаро чақириқларни инкор этмоқда.

“Сўнгги бир неча ҳафта давомида дунё Мьянма халқининг мардлиги гувоҳи бўлди. Оддий мьянмаликлар эркинлик ва демократик ўзгаришлар талаби билан тинч намойишларга чиқди. Ҳарбий хунтанинг бу талабларга жавобини кўриб дунё ёқа ушлади. Будда роҳиблари калтакланди, ўлдирилди. Минглаб демократия тарафдорлари қамоққа ташланди”, - деди Жорж Буш.

АҚШ президенти молиявий операциялар ўтказиш ва виза олиш ҳуқуқлари чеклаб қўйилган мьянмалик амалдорлар рўйхатини кенгайтирди. Мьянма билан амалга оширилажак иқтисодий ҳамкорлик устидан назорат ҳам кучайтириладиган бўлди.