Қирғизистонда парламент тарқатиб юборилди

Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев мамлакат парламентини тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Энди президентнинг муддатдан олдин парламент сайлови ўтказилишини эълон қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Қирғизистонда 21 октябрда ўтган янги конституция борасидаги референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг 80 фоизи иштирок этган ва сайловчиларнинг 75 фоизи мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш учун овоз берган.

Маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар референдумда қонунбузарликларга йўл қўйилганини билдирди. МДҲ кузатувчилари эса овоз бериш демократик тамойиллар асосида ўтганини маълум қилмоқда.