ЕХҲТ референдум қонунбузарликлар билан ўтганидан ташвишда

ЕХҲТ ва АҚШнинг Бишкекдаги дипломатик ваколатхоналари Қирғизистонда конституция борасидаги референдум жиддий қонунбузарликлар билан ўтганидан ташвиш билдирди.

ЕХҲТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси раҳбари Маркус Мюллер Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясининг референдум натижалари тўғрисида тарқатган маълумотларини ишончсиз, деб баҳолади.

“Бир миллионга яқин сайловчи бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда. Қирғизистонда эса бир миллион 700 минг атрофидагина сайловчи қолган. Қирғизистон расмийлари эса референдумда 2 миллион 400 минг одам қатнашганини эълон қилди. Бу эса сайловчиларнинг 100 фоизи референдумда иштирок этди, деганидир”, - деди Маркус Мюллер.

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси ҳам ЕХҲТ ташвишига шерик эканини билдирди. Элчихона тарқатган баёнотда овоз бериш варақалари сайлов участкалари вакиллари томонидан оммавий тарзда овоз бериш қутисига ташлангани тўғрисида маълумотлар борлиги айтилади. Айни пайтда Қирғизистон расмийлари сайлов қонун доирасида ўтганини айтмоқда.