Тожикистон делегацияси Тошкентга келди

Ўзбекистон томони таклифи билан Тожикистон ҳукумати делегацияси Тошкентга сафар қилмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрийнинг айтишича, Ташқи ишлар, Энергетика ва саноат, Сув ва мелиорация вазирликлари ҳамда “Барқи тожик” холдинг компанияси вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон расмийлари билан Зарафшон дарёси устида қуриладиган Ёвон ГЭСга оид масалаларни муҳокама қилади.

“Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, Тожикистон ўз ҳудудида мавжуд табиий бойликлардан қўшнилар рухсатисиз фойдаланишга ҳақли. Бироқ минтақа мамлакатлари манфаатларини эътироф қилган ҳолда Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон таклифини рад этмай, ўз вакилларини қўшни давлатга юборди”,- деди Давлат Назрий.

Тожикистон расмий Тошкентни сувининг катта қисмидан Ўзбекистон аҳолиси фойдаланадиган Зарафшон дарёсида ГЭС қуришга тўсқинлик қилишда айблаб келади.