Ўзбекистонлик қочқинлар ҳақидаги китоб тақдимоти

Бишкек шаҳрида “Ўзбекистонлик қочқинлар МДҲ мамлакатларида: экстрадиция таҳдиди” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази томонидан тайёрланган.

Марказ раҳбари Виталий Пономарёв фикрича, собиқ совет ўлкаларига қочиб бораётган ўзбекистонлик қочқинлар шу кунларда бир неча жиддий муаммоларга учрамоқда. Булардан бири қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан арз қилиш муаммосидир. Чунки кўп ҳолларда қочқин ўз юртида айнан нимада айблангани ва қандай ҳужжатлар асосида юртига қайтарилгани номаълумлигича қолаётир.

Шунингдек, ўзбекистонлик қочқинларни юртига бераётган давлатларнинг қонунларни бузиши ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг сохта ахборотлар билан қўшни давлатлар тегишли органларини чалғитиши ҳам қочқинлар ҳаётига хавф солмоқда.