Ихтиёрнинг аҳволи оғир

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг безориликда айбланиб қамалган ўғли Ихтиёр шу кунларда ўта оғир аҳволда изоляторда сақланмоқда.

Яқинларидан олинган маълумотга кўра, Ихтиёр Ҳамроев қамоқхонадаги қийноқларга қарши норозилик тарзида ўзига оғир тан жароҳати етказган.

“Мен қамоқхонадаги маҳбуслар ва милиционерлардан эшитдим: вилоят ички ишлар бошқармасидан иккита одам келиб, кечаси соат 11 да ўғлимни олиб чиқиб кетган ва аёвсиз калтаклаган. Ўғлим бунга норозилик тариқасида ўз қорнини пичоқ билан кесиб юборган эмиш. Эшитганимиз шу, аммо уни бизга кўрсатишмаяпти”,- деди Бахтиёр Ҳамроев.

Б.Ҳамроев буни ўғлини қийноққа солиш орқали ўзига кўрсатилаётган босим, деб билишини, агар ўғли тез орада кўрсатилмаса, оила аъзолари билан норозилик акцияси ўтказиш ниятида эканини айтмоқда.