Ғазо минтақаси қамали давом этмоқда

Араб лигаси давлатлари Ғазо минтақасидаги гуманитар бўҳронни муҳокама қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисини чақиришни талаб қилди.

Куни-кеча фаластинлик жангарилар амалга ошираётган ракета ҳужумларига жавобан Исроил ҳукумати “Ҳамас” назорати остидаги Ғазо минтақаси билан барча чегараларни ёпган эди. Ҳозирги кунда Ғазонинг кўп қисми электр қувватисиз қолмоқда.

БМТнинг минтақадаги бўлими агар Исроил ҳукумати Ғазо қамалини давом эттираверса, ҳафта ўртасига бориб фаластинликларга етказиб берилаётган озиқ-овқат таъминоти ҳам тўхтаб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Еврокомиссия ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер Исроил ҳукуматини Ғазо минтақасига электр қуввати етказиб беришни қайта тиклаш ва чегараларни очишга чақирди.