Исроил Миср билан Ғазо чегарасидаги вазиятдан ташвиш билдирди

Тунда жангарилар чегарадаги деворни портлатиб юборгандан сўнг ўн минглаб фаластинлик Ғазо минтақасидан Миср ҳудудига ўтди. Чегарадаги деворнинг портлатилишига Ғазодаги иқтисодий танглик сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Ғазо минтақасини қамал қилгандан сўнг у ердаги вазият кундан-кунга оғирлашиб бораётган эди.

Халқаро қизил хоч ташкилоти чегарадаги вазиятни тартибсиз, дея баҳолади.

Исроил ҳукумати эса бу шароитда Ғазога Мисрдан қурол-аслаҳа ва жангарилар ўтиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

“Бу ҳудудга Исроилнинг алоқаси йўқ. Ғазо-Миср чегара ҳудуди назоратини мисрликлар амалга оширади. Шундай экан, имзоланган ўзаро келишувларга мувофиқ, Миср ҳукумати чегара фаолиятини қайта тиклаши лозим. Биз уларнинг бу муаммони тез фурсатда ҳал этишини кутиб қоламиз”,- деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Арие Меркел.

Миср президенти Ҳусний Муборак эса мамлакат ҳарбийларига қуролсиз фаластинликларнинг Миср ҳудудига ўтиб, озиқ-овқат сотиб олишига тўсқинлик қилмасликка буйруқ берганини билдирди.