Россияда ишлаб чиқарилган миналар борлиги аниқланди

Афғонистон хавфсизлик расмийлари яқинда Эрон чегараси яқинида топилган қурол-аслаҳа омборида Россияда ишлаб чиқарилган миналар ҳам бўлганини маълум қилди.

Фараҳ вилояти хавфсизлик кучлари бошлиғи генерал Хаёл Боз Шерзай “Озодлик” радиосига бу миналар Афғонистонга Эрондан олиб ўтилганини билдирди.

“Узоқдан бошқариладиган камида олтмишта минада ҳеч қандай белги йўқ. Улар янги ишлаб чиқарилган. Биз топган пиёдаларга қарши элликтача мина Россияда ишлаб чиқарилган. 30 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган офицер сифатида мен булар замонавий технология асосида ишланган маҳсулот ва улардан худкуш ҳужумида фойдаланиш мумкин, дея оламан”, – деди генерал Шерзай.

Қуроллар Фараҳ вилоятининг Анордор туманидан толиблар қўмондони сифатида танилган шахснинг уйида топилгани айтилмоқда. Эрон ҳукумати толибларни қурол-аслаҳа билан таъминлагани ҳақидаги маълумотни рад қилган.