Мактаб ўқувчилари гаровга олинди

Покистон шимоли-ғарбида бир неча соат давомида мактаб ўқувчиларини гаровда ушлаб турган жангарилар маҳаллий қабила етакчиларига таслим бўлди.

Покистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, озод этилган ўқувчи ва ўқитувчиларга тан жароҳати етказилмаган.

Хабарларга кўра, жангарилар тиббиёт ходимини ўғирлаб, маҳаллий мактаблардан бирида яширинишга муваффақ бўлган. Маҳаллий қабила етакчилари жангарилар билан ўтказилган музокараларда қатнашиб, гаровдагиларнинг озод этилишига ўз ҳиссасини қўшган.