Россия ва Япония музокара ўтказади

Россия ва Япония ҳукуматлари глобал иқлим исишига қарши кураш тўғрисида музокаралар ўтказишга келишиб олди.

Япониянинг “Киодо” ахборот агентлиги хабарига кўра, бундай келишувга Япония ташқи ишлар вазири Масахико Комура ва Россия бош вазири биринчи ўринбосари Сергей Иванов ўртасидаги музокара чоғида эришилган.

Японияда чоп этиладиган “Ёмиури Шимбон” кундалик нашрининг ёзишича, музокаралар чоғида Япония ҳавога зарарли газлар чиқариш бўйича Россияда мавжуд квотанинг эҳтиёждан ортиқ қисмини сотиб олиш юзасидан келишувга эришишга ҳам ҳаракат қилмоқда. Россия ўз улушини сотган тақдирда Япония Киото протоколи билан мустаҳкамланган чекловлар даражасини сақлаб қолишга умид қилаётир.