Ироқдаги вазият қалтислигича қолмоқда

Бағдодга келган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс хавфсизлик соҳасида қўлга киритилган муваффақиятларга қарамай, Ироқдаги вазият қалтислигича қолаётгани ҳақида баёнот берди.

Р.Гейтс Бағдодда Ироқ расмийлари ва АҚШ қўшинлари қўмондонлари билан учрашди. Музокаралар чоғида Р.Гейтс Ироқ ҳукуматини миллий бирдамлик масалаларига жиддий ёндашишга даъват қилди.

АҚШ расмийсининг Ироққа сафаридан бир неча соат ўтиб Бағдод яқинида иккита қўпорувчилик ҳаракати содир этилди.

Хабарларга кўра, бу портлашларда 11 киши нобуд бўлган, 30га яқин фуқаро жароҳатланган.

Шунингдек, Бағдод жанубида шиа жангариларига алоқадорликда гумон қилинган икки шахс ҳибсга олинди. АҚШ ҳарбийлари бу шахслар Бобил ва Нажаф вилоятларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этган жангарилар билан яқин алоқада бўлганини билдирмоқда.