Эрон Дания элчисига норозилик нотаси топширди

Эрон ҳукумати Дания газеталарида Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чоп этилиши юзасидан Даниянинг Теҳрондаги элчисига норозилик нотаси топширди.

Хабарларга кўра, Эрон томони Дания ҳукуматидан мусулмонларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлган карикатураларни қайта чоп этилишига жиддий ёндашишни талаб қилди.

Куни-кеча Даниянинг 11 газетаси Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатурасини қайта чоп этган эди. Ушбу газеталар бу ҳаракат матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилганини билдирганди.

Бундан уч йил аввал Даниядаги газетада Муҳаммад алайҳиссаломнинг карикатураси чоп этилиши мусулмон оламидаги кескин норозиликларга ва оммавий намойишларга сабаб бўлган эди.