Мухолифат сайловда етакчилик қилмоқда

Покистонда ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, унда мухолифатдаги партиялар етакчилик қилмоқда.

Ҳозир сайлов бюллетенларини ҳисоблаш жараёни давом этмоқда. Бироқ амалдаги президент тарафдори бўлмиш Покистон мусулмонлар лигасининг парламентда кўп ўрин эгаллай олмаслиги тобора равшан бўлаётир. Мазкур партия матбуот котиби Ториқ Азим ўз партиясининг мағлубиятга учраганини расман тан олди.

Покистон президенти матбуот котиби бу сайловдан сўнг Парвез Мушарраф истеъфо бериши мумкинлиги тўғрисидаги гапларни инкор этди. У президент ҳукуматга келадиган ҳар бир партия вакиллари билан яқиндан ишлашга тайёрлигини билдирди.

Ҳозирда марҳума Беназир Бҳутто етакчилик қилган Покистон халқ партияси ва собиқ бош вазир Навоз Шариф партияси мамлакат парламентида кўпчиликни ташкил этиши ҳамда президент Парвез Мушаррафга импичмент эълон қилиши мумкинлиги айтилмоқда.