Туркия Ироқдан қўшинларини олиб чиқиш муддатини белгиламайди

Бағдодда Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий билан музокара ўтказган Туркия махсус вакили Аҳмад Довуд ўғли Ироқ шимолидаги курд жангарилари базалари йўқ қилинмагунча, расмий Анқара ўз қўшинларини у ердан олиб чиқиш муддатини белгиламаслигини билдирди.

Шунингдек, Туркия қўмондонлиги 27 февраль кунги амалиётлар чоғида яна 77 жангари ўлдирилганини эълон қилди.

Бундан бир кун аввал Ироқ ҳукумати Туркия ҳарбийларининг ҳаракатини кескин қоралаган эди. Ҳиндистонга сафар қилган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс ҳам Туркия қўшинлари Ироқ шимолидаги амалиётларни чўзиб юбормаслиги шартлигини таъкидлади.

Р.Гейтснинг Анқарага сафар қилиши кутилмоқда.