Хитой Тибет ва унга яқин ҳудудлардаги ҳарбийларини кўпайтирмоқда

Бир қанча гувоҳлар айни пайтда кўп сонли ҳарбийлар карвони Тибетга яқинлашаётгани ҳамда Тибет яқинидаги ҳудудларга ҳарбий бўлинмалар сафарбар қилинаётганини айтмоқда.

Шунингдек, Хитой омаввий ахборот воситалари Лҳасадаги тартибсизликларда гумонланган 19 шахснинг расмини чоп этиб, уларга қидирув эълон қилинганини билдирди.

Тибетнинг қувғиндаги ҳукумати баёнотига кўра, Лҳаса ва бошқа шаҳарларда Хитой бошқарувига қарши бўлиб ўтган норозилик намойишларида юзга яқин фуқаро нобуд бўлган. Бироқ Хитой расмийлари бу тартибсизликларда 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Ҳиндистонда Тибетнинг қувғиндаги етакчиси Далай Лама билан учрашган АҚШ Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси жаҳон ҳамжамиятини Хитойнинг Тибетдаги ҳаракатларини кескин қоралашга чақирди.