Америка яна тўрт аскарини йўқотди

Бағдодда йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида америкалик тўрт аскар нобуд бўлди.

АҚШ қўшинлари Ироққа бостириб кирган 2003 йилдан буён Ироқ тупроғида ҳалок бўлган америкалик ҳарбийларнинг сони тўрт мингга етди.

23 март куни Ироқ бўйлаб содир этилган зўравонликларда 60га яқин фуқаро нобуд бўлган эди. Энг мудҳиш ҳужумлардан бири эса Мосул шаҳрида содир этилди. Хабарларга кўра, Ироқ қўшинларининг ҳарбий базасига худкуш шахс томонидан уюштирилган ҳужумда 13 аскар ҳалок бўлган.