Мухолифат ИИВни айбламоқда

Қирғизистон мухолифати мамлакат Ички ишлар вазирлиги спорт мажмуида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари мухолифатга қарши жанг қилишга ўргатилаётгани ҳақда баёнот берди.

Мухолифат даъвосича, ИИВ мухолифатнинг 12 апрель куни ўтадиган халқ қурултойи пайтида тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадида хориж фуқароларини ёллаган. Ёлланганларнинг асосий қисми ўзбеклар ва тожиклардир.

ИИВ эса бу баёнотни уйдирма, деб баҳолади.

“Биринчидан, Ички ишлар спорт мажмуида самбо бўйича халқаро чемпионат ўтказилмоқда. Балки мухолифат спортчиларни жангарилар сифатида қабул қилгандир. Бу ахборот Қирғизистон ҳукуматини обрўсизлантириш мақсадида тарқатилган”,- деди ИИВ расмийси Бақит Сеитов.