Хорватия ҳимояси таъминланиши тайин бўлди

Хорватияга қисқа муддатли ташриф билан борган АҚШ президенти Жорж Буш Хорватияни НАТОга аъзо бўлиш учун таклиф этилгани билан қутлади.

Пойтахт Загребнинг марказий майдонида минглаб хорватияликлар олдида қилган чиқишида Жорж Буш: “Бундан буён халқингизга бирор хавф таҳдид соладиган бўлса, Америка ва НАТО сизни ҳимоя қилишга отланади. Эркингизни ҳеч ким сиздан тортиб ололмайди”, – дея баёнот берди.

Загребда Хорватия раҳбарлари билан музокара ўтказганидан кейин АҚШ президенти Сочи шаҳрига жўнаб кетди. Бу ерда Жорж Буш Россия президенти лавозимини тарк этаётган Владимир Путин ва янги президент этиб сайланган Дмитрий Медведев билан учрашиши режалаштирилган.

Буш ва Путин 2001 йилдан бери икки ва кўп томонлама музокараларда 23 марта учрашганини айтган Россия президенти маслаҳатчиси Сергей Приходко сўзларига кўра, бу икки президент ўртасидаги охирги учрашувдир.