Президентлар некбин

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Жорж Буш ўзаро келишмовчиликлар бўйича муроса қилиниши борасида некбин эканини маълум қилди.

Сочида икки давлат президентлари сифатида берилган сўнгги қўшма матбуот анжуманида В.Путин Москва АҚШнинг Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини ўрнатиш ниятига қарши фикрда қолганини баён қилди.

“Лекин икки томон охир-оқибат келишиб олишига некбинлик пайдо бўлди ва АҚШнинг ўзаро ишонч ўрнатиш борасидаги таклифлари амалга оширилса, муҳим ва фойдали бўлади”,- деди В.Путин.

Жорж Буш эса АҚШ ва Россия потенциал ракета таҳдидларига жавоб бера оладиган тизимни яратиши кераклиги ва бу тизимда Россия, АҚШ ва Европа тенг ҳуқуқли шериклар сифатида иштирок этиши ҳақида келишиб олингани, бу жуда қудратли ва муҳим стратегик истиқбол эканини таъкидлади.

Шунингдек, Жорж Буш Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш уринишларини қўллаб-қувватлаши ҳамда Американинг Россия билан савдо алоқаларини инсон ҳуқуқлари масаласига боғловчи совуқ уруш давридан қолган қонундан воз кечиш тарафдори эканини билдирди.

Сочида АҚШ ва Россия икки давлат ўртасидаги муносабатларни белгилаб берувчи “стратегик доира”га оид келишувга ҳам эришди.