Тинч фуқаролар ўлгани ҳақидаги хабарлар текширилмоқда

Афғонистон ҳукумати АҚШ қўшинларининг мамлакат шарқида ўтказган амалиёти чоғида тинч аҳоли вакиллари ҳам нобуд бўлгани тўғрисидаги маълумотларни текшираётганини маълум қилди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу маълумотларни тасдиқлай олмаётганини билдирди.

Бундан бироз аввал АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлиги мамлакатнинг Нуристон вилоятида ўтказилган амалиётларда жангариларга катта талафот етказилганини билдирган эди. Бироқ Нуристон вилояти ҳокими ўринбосари халқаро кучларнинг бу амалиётида 30дан ортиқ тинч аҳоли вакили, жумладан, болалар ва аёллар ҳалок бўлганини эълон қилди. Шунингдек, маҳаллий расмийлардан бири ҳам бу амалиётлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 28 киши ўлдирилганини маълум қилди.