Истиқболда машъала эстафетаси бекор қилиниши мумкин

Халқаро Олимпия қўмитаси келажакда Олимпиада ўйинлари машъаласи эстафетасини ўтказмаслик масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Хабарларга кўра, мазкур масала ХОҚнинг жорий ҳафтада Пекинда ўтказилажак йиғилиши чоғида муҳокама қилинади.

Тибет мустақиллигини қўллаб-қувватловчи ҳуқуқ фаоллари Пекин Ёзги Олимпиада ўйинлари машъаласи эстафетасини бир неча маротаба тўхтатишга муяссар бўлди. Душанба куни Париж кўчаларидан олиб ўтилган Олимпиада машъаласи хавфсизлик чораси сифатида бир неча бор ўчирилди. Бундан аввал Лондондаги эстафета чоғида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтган эди
.
Хитой ҳукумати эстафета йўлида бўлаётган норозилик акцияларини кескин қоралаб, Ёзги Олимпиада ўйинлари машъаласи эстафетасини охиригача етказишга ваъда берди.