ЕИ расмийлари МО вакиллари билан учрашмоқда

Ашхободда ЕИ расмийлари ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.

ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер бошчилигидаги расмий делегация Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда.

Бенита Ферреро-Валднер Ашхободдаги йиғилишдан аввал “Озодлик” радиоси ўзбек хизматига берган эксклюзив интервьюсида “Европа ва Марказий Осиё бир-бири учун ўта муҳим” эканини таъкидлади.

“Марказий Осиё энергетика бозоридаги муҳим ҳамкоримиздир. Бу ерда биз учун катта имкониятлар мавжуд. Шунингдек, биз энергия соҳасидаги ҳамкорлигимизни ошириб, Марказий Осиё ёнилғисини экспорт қилиш йўлларини кенгайтирмоқдамиз”,- деди Бенита Ферреро-Валднер.

Шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ЕИни Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари олдига инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш борасида аниқ талаблар қўйишга чақирди.