Очликка қарши кураш режаси муҳокама қилинади

Жаҳон банки Вашингтондаги йиғилишда дунё бўйлаб озиқ-овқат нархи ошиб бораётган бир вақтда очликка қарши кураш режасини муҳокама қилади.

Бу йиғилиш Халқаро валюта жамғармаси дунё давлатлари ҳукуматларини озиқ-овқат нархини тартибга солишга чақирганидан бироз ўтиб ўтказилмоқда. Жамғарма ижроия директори Доминик Стросс Кан агар озиқ-овқат маҳсулотлари нархи мақсадга мувофиқ ҳолда тартибга солинмаса, тез орада бутунлай издан чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Айни вақтда у бу фақатгина гуманитар масала эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

“Бунинг оқибати шунчалик ёмон бўлиши, иқтисодий вазият, савдо баланси, валюта курслари издан чиқиши мумкин. Охир-оқибатда сўнгги 5-10 йил ичида муваффақиятли ишлаган дунё давлатлари ҳукуматларининг ҳамма ишлари вайрон бўлиши, одамларнинг уларнинг қонунийлигига бўлган ишончига путур етиши мумкин”,- деди Стросс Кан.