Қимматчилик тартибсизликлар келтириб чиқариши мумкин

Жаҳон банки президенти Роберт Зеллик озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлаб бориши камбағал давлатларда оммавий тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаган Роберт Зеллик донор давлатларни камбағал мамлакатларга зудлик билан ёрдам кўрсатишга чақирди.

“Жаҳон озиқ-овқат дастури ривожланган мамлакатлардан 1 майга қадар 500 миллион доллар ёрдам пули сўраган эди. Шу пайтгача сўралган пуллардан қарийб ярмини бериш кафолатланди. Бироқ бу пуллар етарли эмас. Имкон қадар бошқа давлатларнинг ҳам ёрдам бера бошлаши биз учун муҳимдир. Жаҳон озиқ-овқат дастури ёрдам сўрагандан буён нархлар ошиб борди, холос, шунинг учун ҳукуматларнинг ҳаракатга киришгани мақсадга мувофиқ бўлар эди”,- деди Роберт Зеллик.

Жаҳон банкининг маълум қилишича, сўнгги ойлар давомида гуруч нархи 75 фоиз ошган бўлса, дон нархи 120 фоиз қимматлаган.