ЕИ Грузия-Россия можаросидан ташвишда

ЕИ Грузия ва Россия ўртасида авж олаётган навбатдаги бўҳрон юзасидан жиддий ташвиш билдирди.

ЕИ баёнотида иттифоққа аъзо 27 давлат Грузия мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши яна бир бор таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, бу баёнотда ЕИ Россия ва Грузия ҳукуматларини юзага келган муаммони тинч йўл билан ҳал этишга чақирган.

Бироз аввал Грузия БМТни Абхазия ўз ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан фойдалангани юзасидан текширув ўтказишга чақирган эди.

Расмий Тбилиси БМТдан хавфсизлик зонасида абхазиялик айирмачилар ракета мосламаларидан фойдалангани юзасидан тергов ўтказиб, унинг натижаларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этишни сўраган.

Якшанба куни Абхазия расмийлари ўз ҳудуди узра парвоз қилаётган Грузиянинг учувчисиз бошқарилаётган икки самолёти уриб туширилганини эълон қилган эди. Грузия ҳукумати бу хабарларни кескин рад этиб, Россияни Абхазияга қурол-яроғ етказиб бераётганликда айблади.