Тожикистон маҳаллий хомашёга эга бўлиш ҳаракатида

Тожикистон алюминий компанияси – “Талко” Хитойнинг оғир машинасозлик ширкати билан алюминий ишлаб чиқариш учун зарур хомашё тайёрлаб берувчи иккита корхона қурилишига доир шартнома имзолади.
Шартномага кўра, Тожикистон жанубидаги Ёвон туманида криалит ва алюминий қоришмаси ишлаб чиқарадиган корхона ва битта цемент заводи қурилиши режалаштирилмоқда.

“Талко” ширкати вакилларининг билдиришича, бу икки корхона қурилиши учун тахминан бир миллиард доллар маблағ зарур. Қурилиш хитойликлар ва қисман “Талко” маблағи ҳисобидан бўлади. Бу корхоналарни қуришдан мақсад адюминий заводини маҳаллий хомашё билан таъминлашдир.

“Бу корхоналар фойдаланишга туширилгандан сўнг завод фаолиятини кенгайтириш билан бирга келгусида ўз харажатларимизни қоплаш имконига ҳам эга бўламиз”,- деди “Талко менежмент” ширкати вакили Суҳроб Жабборов.

Унинг айтишича, бу икки корхона қурилиши жорий йил июль ойидан бошланиб, келгуси бир йил давомида битирилиши керак.

Ҳозирча Тожикистон 400 миллион доллар қийматидаги гил тупроқни хориждан импорт қилади.

“Талко” ширкати вакиллари криалит ва алюминий қоришмаси тайёрлаш учун зарур нефилинни мамлакат шарқида жойлашган Рашт туманидан олиб келишни кўзламоқда.

Мутахассислар Рашт туманидаги нефилин захираси 12 миллиард тоннани ташкил этиши, бу мазкур завод учун 50 йилга етишини айтмоқда.

Бироқ Тожикистон шарқи ва жанубини туташтирувчи темир йўллар йўқлиги сабабли лойиҳа муаллифлари бу хомашё Раштдан Ёвонга Вахш дарёси оқими бўйлаб махсус қувурларда етказиб берилишини таъкидламоқда.

“Вахш дарёси бўйлаб махсус қувурлар тортилади. Географик жойлашуви бўйича Ёвон туманидан анча юқорида жойлашган Рашт туманидан нефилин ҳеч бир сунъий босимсиз қувурлар орқали корхонага оқизиб келинади”,- деди “Талко” ширкати вакили Акбар Муродов.

Бироқ мустақил таҳлилчилар мазкур лойиҳа осонликча амалга ошадиган иш эмаслигини билдирмоқда.

“Рашт–Душанбе автомобиль йўлини таъмирлаш ва шу йўл орқали нефилинни янги корхонага етказиб туриш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Зеро, бордию қувурларда авария рўй бергудек бўлса, Вахш дарёсига оқиб тушувчи нефилин бу ҳудудлар экологик муҳити учун фожеа яратади”,- дейди кузатувчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса бу каби корхоналарни қуришга сарфланадиган асосий маблағ Тожикистон ҳисобидан бўлиши зарурлиги, лекин бунинг учун мамлакатда имконият йўқлигини таъкидламоқда.

Масаланинг бошқа томони, таҳлилчилар фикрича, “Талко” ширкатини гил тупроқ билан таъъминловчи ва шу ҳисобдан катта фойда кўрувчи хорижий ширкатлар ўз даромад манбаидан ажралиб қолмаслик учун Тожикистонда бу каби корхоналар қурилишига қаршилик кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, алюминий заводи ишига доимо қарши бўлиб келган Ўзбекистон ҳам бу лойиҳа амалга оширилишига сунъий тўсиқлар яратиши эҳтимолдан йироқ эмас.