Сув омборида сув кўпайишига умид қилинмоқда

Қозоғистонлик сув хўжалиги мутахассислари Чордара сув омборига Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган сув ҳажми ошишига умид қилмоқда.

Жанубий Қозоғистон сув хўжалиги корхонасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозир Чордара сув омборига секундига 67 куб метр сув келяпти. Ўтган йили сув омборига келаётган сув миқдори бундан ўн баробар кўп бўлган.

“Сув қарийб кўпаяётгани йўқ. Ўтган йили ҳам сув кўп бўлмаганди, аммо ўшанда май ойининг бошида оқиб кираётган сув секундига 598 куб метрни ташкил қиларди”,- деди Жанубий Қозоғистон сув хўжалиги корхонасининг сувдан фойдаланиш бўлими ходими.

Унинг айтишича, ҳозир Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан берилаётган сув ҳажми ошириладими-йўқми – маълум эмас.