Милиция бошлиғи байрамни фожеага айлантирди

Тожикистон пойтахтидаги “Ғалаба” боғида Ғалабанинг 63 йиллигига бағишлаб ўтказилган ҳарбий парад фожеа билан тугади.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳарбий парадни томоша қилиш учун чиққан шаҳарликлар томон катта тезликда йўналган енгил автомашинадан 20 киши жиддий зарар кўрганини маълум қилди.

Вазирлик вакилларининг билдиришича, тормози ишдан чиқиб одамлар томон йўналган енгил машина Душанбе шаҳри давлат автомобил назорати бошлиғи ўринбосарининг хизмат машинаси бўлган.

“Машина ғилдириклари тагида қолганлар орасида ёш болалар ва бир уруш ветерани ҳам бор эди. Қонга беланган жабрдийдаларга тез ёрдам кўрсатилиб, улар шаҳар шифохонасига олиб кетилди”,- деди воқеа гувоҳларидан бири.

Норасмий маълумотларга кўра, жабрланувчилардан бир киши шифохонада вафот этган.