АҚШ президенти Яқин Шарқ бўйлаб сафарга отланди

Бу Жорж Бушнинг АҚШ президенти сифатида Яқин Шарққа қилаётган сўнгги сафари бўлади.

Хабарларга кўра, АҚШ президенти ўз сафарини Исроилдан бошлайди. Бу ерда у Исроил давлати ташкил этилганига 60 йил тўлиши муносабати билан ўтказилажак байрам тадбирларида иштирок этади.

Шунингдек, АҚШ раҳбари Исроил ҳукумати расмийлари билан учрашиб, Исроил-Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларини давом эттириш масаласини муҳокама қилади.

Исроилдан сўнг АҚШ раҳбари Саудия Арабистони ва Мисрга сафар қилиб, бу давлатлар раҳбарлари ҳамда Ливан бош вазири Фуад Синиора билан музокаралар ўтказади.