Европа давлатлари янги темир йўлга қизиқиш билдирмоқда

Польша ва Латвия Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда мазкур давлатларга сафарини якунлаган Қирғизистон бош вазири Игорь Чудинов маълум қилди.

Унинг айтишича, Польша ва Латвия раҳбарлари билан учрашув чоғида темир йўл қурилиши лойиҳасига сармоя ётқизиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз борган.

Расмий Бишкекнинг билдиришича, бугунги кунга келиб, бир неча йилдан бери қурилиши айтилиб келинаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиш йўналиши аниқланган ва тасдиқланган. Бу йўналиш Хитой ва Ўзбекистон томонидан ҳам маъқулланган.

Расмий маълумотга кўра, темир йўл Хитойдан Ўзбекистоннинг Андижон шаҳригача бўлган масофада қурилади.

Бироқ қурилишнинг қачон бошланиши ва ким томонидан молиялаштирилиши ҳозирги кунгача аниқ эмас.