Роберт Гейтс Мьянма режимини айблади

АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Мьянма ҳарбий режими бир неча ўн минг одам ўлими учун масъул эканини таъкидлади.

Май ойи бошида содир бўлган циклондан кейин Мьянмани бошқараётган ҳарбий хунта халқаро ҳамжамият томонидан жўнатилган гуманитар ёрдамларни мамлакатга киритмаган эди.

Сингапурда ўтаётган Осиё хавфсизлик анжуманида чиқиш қилган Роберт Гейтс: “Халқаро ҳамжамият чақириғига биз эмас, балки Мьянма ҳукумати кўр ва кар бўлиб ўтирди. Биз саъй-ҳаракат қилиб, табиий офатдан азият чеккан одамларга ёрдам бера олишимизни айтдик. Бироқ Мьянма ҳукумати қўл қовуштириб ўтирди”, – деди.

Мьянма режими маълумотига кўра, “Наргис” циклони оқибатида 78 минг одам нобуд бўлган, 56 минг киши бедарак йўқолган ва икки миллиондан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолган.