АҚШ толибларни жавобгар қилди

АҚШ Мудофаа вазирлигининг баён қилишича, сешанба куни Афғонистон-Покистон оралиғидаги тоғли ҳудудга ҳаводан берилган зарба толиблар ҳужумига жавобдир. Ҳаво зарбаси оқибатида Покистоннинг 11 аскари ҳалок бўлганди.

“Барча маълумотлар Америка ҳарбийларининг ҳаракати қонуний бўлганини кўрсатмоқда. Афғонистоннинг Покистон билан чегараси яқинида АҚШ ҳарбийларига ҳужум қилинди. Улар мудофаа чорасини кўрди. Кўмак учун авиацияни чақиришди ва ҳужумчилар ҳаводан нишонга олинди”,- деди Пентагон вакили Гоф Морел.

Покистон бош вазири Юсуф Риза Ғилоний мамлакат парламентида қилган чиқишида: “Биз суверенитет ва шаънимизни ҳимоя қилган ҳолда ҳеч кимга ҳудудимизга ҳамла қилишга йўл қўймаймиз. Биз бундай ҳаракатларни қоралаймиз”,- деди.

Покистон ҳукумати маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбийларининг Афғонистон-Покистон чегара ҳудудидаги хатти-ҳаракатлари оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 50дан зиёд одам ҳалок бўлган.